Наманганда қарийб 8 млрд сўм эвазига 12,5 км масофага ичимлик сувининг ички тармоғи тортилади

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, фуқаролар билан юзма-юз учрашиш, қишлоқ аҳлисининг ичимлик сувига доир мавжуд муаммолари ечими юзасидан Поп туманидаги Чодак қишлоғи вакиллари билан мулоқот ўтказди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, «Муродил вақт инвест» МЧЖ томонидан туманда қиймати 7 миллиард 953 миллион сўмлик лойиҳа эвазига 12,5 километр масофага ичимлик сувининг ички тармоғини тортиш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 3,8 километр масофадаги ишлар бажарилди.

Мазкур жараёнлар якунлангач, Чодакдаги 17 мингдан ошиқ ва 8 мингдан ортиқ Хонобод қишлоғи аҳли, жами 25 мингдан зиёд киши тоза ичимлик сувидан тўла баҳраманд бўлиб, иншоотларнинг юқори босимда узлуксиз ишлашига эришилади. Яъни бунда Чодак қишлоғига диаметри 400 мм. қувурда суткасига 8000 м³, Хонободга эса диаметри 200 мм. қувурда суткасига 4000 м³ сув келади.

«Бугунги кунда жаҳоннинг кўплаб минтақаларида ичиш тугул, ҳатто экинларни суғориш, саноатда ишлатишга ҳам сув тақчиллиги мавжуд. Шунинг учун танқис бўлган бебаҳо сувнинг қадрига етиб, ундан самарали ва оқилона фойдаланиш мақсадида юртимизда ҳам 2050 йилгача тўлиқ томчилатиб суғориш тизимига босқичма-босқич ўтиш жараёни кечмоқда», — дейди Хайрулло Бозоров.

Аввалроқ Наманганда 50 та хонадонга суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилганди.

Янгиликлар