Наманганда банк ходимларининг пахта теримига мажбурий жалб этилмаганлиги маълум бўлди
Наманганда банк ходимларининг пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга жалб этилиши юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Сенат ишчи гуруҳи томонидан 30 cентябрь куни Марказий банкнинг Наманган вилоят бошқармасида вилоятдаги мутасадди ташкилотлари мажбурий меҳнатнинг қатъий назоратини таъминлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан Марказий банк вилоят бош бошқармаси ҳамда вилоят ҳудудидаги тижорат банклари мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолати юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Telegram тармоғидаги «Банкир кундалиги» каналида берилган маълумотлар (пост)га асосан ҳамда Сенат Раисининг ёзма кўрсатмасига биноан ишчи гуруҳ вилоятдаги мавжуд 17 та банкда мажбурий меҳнат юзасидан мониторинг ўтказди.
Мониторингда асосан банк шохобчасидаги штат асосида ишловчи ходимларнинг бугунги кунда ўз иш жойларида фаолият олиб бораётганлиги, уларнинг пахта йиғим-теримига (мажбурий меҳнат шаклида) жалб этилмаслиги ҳақида хабардорлиги, пахта йиғим-терим вақтида ўзининг ўрнига бошқа одам ёллаш ҳолати бўлганлиги, дам олиш кунлари оммавий пахта ҳашарига жалб қилиш ҳолатлари бўлган ёки бўлмаганлигига эътибор қаратилди.
Хабарга кўра, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ушбу саволлар юзасидан ҳар бир банк ходими билан алоҳида суҳбат ўтказилди. Вилоят ҳудудидаги банкларда жами 1078 та штат бирлиги мавжуд бўлиб, шундан 914 нафар ходим билан аноним сўровлар ўтказилди. 164 нафар ходимдан 100 нафари бетоблиги, 17 та бўш иш ўрни, 10 нафари хизмат сафари юзасидан вилоятдан ташқарида ҳамда 37 нафари меҳнат таътилида бўлганлиги сабабли ўтказилган сўровномада қатнаша олмади.
Ўтказилган суҳбатларда маълум бўлдики, вилоятда 2020 йил 14 сентябрдан пахтага ялпи сафарбарлик эълон қилинган бўлиб, 21 сентябрга қадар айрим банкларда маълум миқдорда техник ходимлар (фаррош, боғбон ва ҳайдовчилар) ихтиёрий равишда ўзлари пул ишлаш мақсадида пахтага чиққанлиги аниқланган. Сенат ишчи гуруҳи ўрганиш натижасида 23 сентябрдан бошлаб барча банк томонидан чиққан ушбу ходимлар пахта далаларидан олиб чиқиб кетилган. Жойларда кластер, фермер ва отряд раҳбарлари билан суҳбатлашилганида банк ходимлари пахта теримида иштирок этмаётганлиги ва отрядларда йўқлиги ҳақида аниқ жавоблар берилган.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқдаги «Банкир кундалиги» Telegram канали админига мурожаат қилиниб, ундан 2020 йил 29 сентябрь куни ўзининг каналида 18:00 да жойлаштирилган пост юзасидан маълумот сўралганда админ томонидан «Салом» деган сўз қолдирилди ва бошқа алоқага чиқмади. Эълон қилинган пост юзасидан маълумот беришдан бош тортди.
Шу аниқландики, бугунги кунда Наманган вилояти Марказий банк бош бошқармаси ҳамда вилоятдаги тижорат банк ходимлари ўз иш жойида фаолият олиб бормоқда.
Aввалроқ Танзила Норбоева Балиқчида қиймати салкам 2,5 миллиард сўм бўлган корхонага боргани ҳақида хабар берилганди.