Наманганда «Чарм тўп» мусобақасининг вилоят ғолиби аниқланди
Наманган вилояти Норин туманининг «Фурқат» МФЙ жамоаси «Чарм тўп» мусобақасининг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Косонсой туман марказий ўйингоҳининг сунъий қопламали майдонида 14–15 сентябрь кунлари 9–12 ёшдаги маҳалла ёшлари ўртасида мини футбол бўйича «Футболимиз келажаги» мусобақаси ўтказилган. Турнирга вилоятнинг 9 та туманидан келган ёш футболчилар ғолиблик учун кураш олиб борган. Мусобақа натижасига кўра 1-ўринни Косонсой туман «Жар» МФЙ жамоаси, 2-ўринни Чортоқ тумани «Дамариқ» МФЙ жамоаси ҳамда 3-ўринни Янгиқўрғон тумани «Навкент» МФЙ жамоаси қўлга киритган.
Наманган туманида ташкил этилган 15–16 ёшдаги маҳалла ёшлари ўртасида «Чарм тўп» футбол мусобақасида 10 та МФЙ жамоасида 160 нафар маҳалла ёшлари иштирок этган. Aнъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур мусобақа натижасига кўра 3-ўринни Чортоқ туманининг «Дамариқ» МФЙ жамоаси, 2-ўринни Наманган туманининг «Тошбулоқ» МФЙ жамоаси қўлга киритган ҳамда фахрли 1-ўринни Норин туманининг «Фурқат» МФЙ жамоаси эгаллаб, республика финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган.
Мусобақа якунларига кўра ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, медал ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган.
Вазирлик ахборотига кўра, шу кунларда барча ҳудудларда 9–12 ёшли болалар ўртасида «Футболимиз келажаги», 13–14 ёшли болалар ўртасида «Маҳаллада футбол», 15–16 ёшлилар ўртасида анъанавий тарзда ташкил этилаётган «Чарм тўп» мусобақалари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Пахтаободда 12–14 ёшли болалар ўртасида сузиш бўйича вилоят биринчилиги ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.