Наманганда ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 241 млн долларлик 4 та лойиҳа амалга оширилади
Наманган вилояти аҳолисининг ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш, иншоотларни техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш бўйича умумий қиймати 241,15 миллион долларни ташкил этувчи 4 та лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда «Наманган сув таъминоти» МЧЖ ахборот хизмати хабар берди.
Шундан 196,46 миллион доллар Халқаро Молия институтларининг имтиёзли кредитларидан жалб этиш кўзда тутилган бўлиб, улар қуйидагилар:
1) Умумий лойиҳа қиймати 74,6 миллион долларни ташкил этувчи «Наманган вилояти ичимлик сув ва канализация тизимларини модернизация қилиш» лойиҳасига Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 60 миллион доллар имтиёзли кредитларини жалб этиш.
Ушбу маблағлар ҳисобидан Наманган шаҳрини ичимлик суви билан таъминловчи 3 та сув олиш ва 8 та сув тақсимлаш иншоотларини реконструкция ва модернизация қилиш орқали ичимлик сув иншоотлари қувватини 410 минг м3/суткага етказиш, 53,5 километр ичимлик сув қувурларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда Поп тумани оқава сувларни тозалаш иншоотини тўлиқ реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
2) Умумий қиймати 68,05 миллион долларни ташкил этувчи «Заркент, Хадикент, Исковот, Булоқбоши, Ёшлик аҳоли пунктларини ичимлик сув таъминотини яхшилаш» лойиҳаси OПЕК Фондининг 53,96 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредитларини жалб этиш.
Ушбу лойиҳа доирасида қуввати 51,4 минг м3/сутка бўлган Заркент ва Булоқбоши сув олиш иншоотлари, Янгиқўрғон туманида 3 та сув тақсимлаш иншоотлари, Наманган шахрида 2 та сув тақсимлаш иншоотлари, 73,7 километр магистрал ва 129,1 километр ички сув тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция ишларини амалга ошириш кўзда тутинган.
3) Умумий қиймати 13,5 миллион долларни ташкил этувчи «Чортоқ шаҳри ичимлик сув таъминотини яхшилаш» лойиҳасига Жахон банкининг «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» дастури доирасида 12,5 миллион доллар миқдорида маблағ ажратиш.
Лойиҳа доирасида Чортоқ шаҳрини ичимлик суви билан таъминлаш учун Арбағиш қишлоғида ер ости сув олиш иншооти ва 29 километр магистрал тароқ қуриш, Чортоқ шаҳридаги 50 километр муддати ўтган ичимлик сув тармоқларини реконструкция қилиш белгиланган.
4) Лойиҳанинг умумий қиймати 85 миллион долларни, жалб этиладиган кредит миқдори 70 миллион долларни ташкил этувчи «Наманган вилояти Чуст, Поп, Наманган туманлари ичимлик сув таъминотини яхшилаш ва Чуст ҳамда Мингбулоқ туманида канализация тизимларини қуриш» лойиҳасини Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кредитлари ҳисобидан амалга ошириш.
Лойиҳа доирасида 3 та сув олиш иншоотларини реконструкция қилиш, 48 километр магистрал, 45 километр кўча тармоқлари қуриш, 12,6 километр магистрал ва 100 километр кўча тармоқларини реконструкция қилиш, 2 та оқава сувларни тозалаш иншооти қуриш, 7,5 километр коллектор ва 26 километр канализация тармоқлари қуриш, 15 километр канализация тармоқларини реконструкция қилиш белгиланган.
Аввалроқ Андижонда 22 мингдан зиёд хонадон ичимлик суви билан таъминлангани хабар берилган эди.