Наманганда ойига 90 мингта футболка ишлаб чиқарадиган трикотаж цехи очилади (фото)
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Поп тумани «Чиғаноқ» МФЙдаги бўш турган бино негизида «Жаннатгул текстиль» МЧЖ томонидан тикувчилик цехини ташкил этиш лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Трикотаж маҳсулотлари тайёрлашга йўналтирилган мазкур лойиҳа қиймати 2 миллиард 600 миллион сўм бўлиб, шундан ташаббускорнинг ўз маблағи 2 миллиард ҳисобланади.
Биринчи босқичда 100 та, иккинчи босқичда ҳам шунча, жами 200 та иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Тадбиркор Гулноза Муродиллаеванинг айтишича, яқин ойлар ичида фаолияти бошланадиган корхонада Япония, Германия, Хитой, Туркия технологияси асосида кунига 3 минг дона, ойига эса 90 мингтагача енгил устбош — футболка ишлаб чиқариш мумкин. Маҳсулотларни ички бозордан ташқари Россия ва Беларусь давлатларига экспорт қилиш мўлжалланган.
Вилоят раҳбари лойиҳани маъқуллаб, тадбиркорга зарур бўлган 600 миллион сўм кредит маблағи ажратиш масаласида амалий ёрдам кўрсатилишини билдирди.
«‘Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун’ деган тамойил асосида халқимиз ҳаётини тубдан яхшилашга қаратилган кенг миқёсли иқтисодий ислоҳотлар туфайли кишиларимизда тадбиркорликка иштиёқ ва ишонч, кўпроқ даромад олишга интилиш тобора ошиб бормоқда. Шундай экан, жойларга чиқиш, ҳар бир оиланинг ишбилармонлик борасидаги қизиқиш ва салоҳиятларини, имкониятларини тўлиқ ўрганиш ва амалий кўмак бериш муҳим масалалардан бири», — деди Хайрулло Бозоров.
Аввалроқ Бухорода тикув цехи карантинда комбинезон ва тиббий ниқоб ишлаб чиқараётгани маълум қилинган эди.