Наманганда санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган ёқилғи қуйиш станциялари фаолияти тўхтатилади
Наманган вилоятида санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш станцияларининг фаолияти 1 сентябрдан тўхтатилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Наманган вилоят бошқармаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг «Йўлбўйи ва туристик инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2020 йил 1 мартдан бошлаб жамоат мақсадларига мўлжалланган ва кеча-кундуз ишлайдиган, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган АГТКС, АГҚС ва АЁҚСларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Айтилишича, пандемия сабабли бу жараён тўхтаб қолганди. 2020 йил 10 июлда Вазирлар Маҳкамасининг 433-сонли қарори қабул қилинган. Унга кўра, 1 сентябрдан бошлаб республика бўйлаб, шу жумладан, Наманган вилоятида ҳам санитар-гигиеник шохобчаларни талаб даражасига келтирмаган АГТКС, АГҚС ва АЁҚСлар фаолияти тўхтатилиши белгилаб қўйилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда 1 сентябрдан ҳожатхонаси йўқ АЁҚШларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмаслиги ҳақида хабар берилган эди.