Намангандаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасида 500 ўринли ташхислаш ва саралаш маркази ташкил этилди (фото)
Наманган вилоятидаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасида 500 ўринли ташхислаш ва саралаш маркази ташкил этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 500 ўринга мўлжалланган марказда 20 ўринли реанимация бўлими ташкил этилган. Қолган хоналар кислород етказиб берувчи тармоқларга уланган.
«Коронавирус инфекциясига дучор бўлган беморлар кўпинча ҳаво етишмаслигидан қийналади. Марказда эса бундай ҳолат кузатилмайди. Чунки палаталар нафас олишга кўмак берувчи тиббиёт асбоблари билан таъминланган. Жонлантириш бўлимига эса янада такомиллашган аппаратуралар ўрнатилган», — деди реаниматолог Санжар Aсқаралиев.
Aйни пайтда марказга 20 нафар шифокор, 80 нафар ҳамшира ва 20 нафар ёрдамчи ходимни танлаш ва тайёрлаш ишлари олиб борилаётгани қайд этилган.
Aввалроқ «Узэкспомарказ» кўргазма мажмуасида коронавирусга чалинган беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун дистрибюторлик марказ фаолият кўрсатиши маълум қилинганди. Кейинчалик Намангандаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасида ташхислаш ва саралаш маркази ташкил этилиши ҳақида хабар берилди.