«Нархоз»нинг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс 1300 доллар пора олаётган вақтида ушланди

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг сиртқи бўлими услубчиси фуқарони ўқишга киритиб қўйиш учун 1300 доллар пора олаётган вақтида ушланди.

Услубчи фуқарога ўзини мазкур университет декани ўринбосари, дея таништирган. Агар 1300 АҚШ доллари берса, унинг танишини университетда юқори лавозимда ишловчи яқин алоқалари орқали иккинчи мутахассислик бўйича сиртқи бўлимга ўқишга киритиб қўйиши мумкинлигини айтган. ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида университет услубчиси келишилган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Каттақўрғонда абитуриентни 8 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахсга жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар