Нурободдаги кўчаларда чет тилидаги реклама баннерлари олиб ташланди (фото)
Самарқанд вилояти Нуробод туманида кўчалардаги реклама баннерлари чет тилидаги ёзувлардан тозаланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ўзбек тили қоидаларига риоя қилинмаган ташқи реклама баннерлари А-378 халқаро магистрал йўлининг тумандан ўтувчи қисмидан олиб ташланган.
Қайд этилишича, мазкур тадбир 19 сентябрь, шанба куни туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдулла Қиличов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган.
Тадбир давомида бир қатор ўзбек тили қоидаларига риоя қилинмаган қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.
Тадбирда фуқаролар ва тадбиркорларга тушунтириш ишлари олиб борилган ва ўзбек тили қоидаларига риоя қилинмаган ташқи реклама баннерлари олиб ташланган.
Маълумот учун, мазкур тадир «Давлат тили ҳақида»ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилган.
Аввалроқ Самарқанд кўчаларидаги реклама баннерлари чет тилидаги ёзувлардан тозалангани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Наманганда кўчалардаги реклама баннерлари ўзбек тилида ёзилишини тарғиб қилиш бўйича тадбир ўтказилгани ҳамда Жомбойда жойлардан ўзбек тилида бўлмаган пешлавҳа ва рекламалар олиб ташлангани маълум қилинди.