Олотда 2020 йилда 27,5 минг тонна пахта ҳосили олиш режалаштирилган

Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров пахта теримига тайёргарликларни ўрганиш учун 1 сентябрь куни Олот туманида бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарда «Ҳайдар Ниёз» ва «Комил Эргаш» фермер хўжаликлари фаолияти мисолида ғўза парваришининг боришига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланган. 2020 йилги деҳқончилик мавсумида қарийб 91 гектарда пахта етиштираётган «Ҳайдар Ниёз» фермер хўжалиги давлат шартнома режасига мувофиқ, 245 тонна юқори сифатли хом ашё қўшишни мақсад қилган.

Пахтачиликда катта тажриба тўпланган йирик хўжаликлардан бири «Комил Эргаш»да эса 71,5 гектар ер майдонида ғўза парваришланмоқда. 2019 йилги йиғим-терим даврида гектарлар ҳосилдорлигини 33 центнерга етказган хўжалик миришкорлари 2020 йил ҳам ўша муваффақиятни такрорлаш мақсадида ҳаракат қилмоқда. Хўжалик давлатга пахта сотиш шартнома режасини ошиғи билан уддалаб, мўлжалдаги 229,5 тонналик хирмонга яна камида 20 тонна пахта қўшишни ният қилган.

Вилоят ҳокими туман мутасаддиларига пахтазорларидаги агротехник тадбирларни мувофиқлаштириш, ҳосилга ҳосил қўшиш мақсади кўзланган ҳар бир ишни омилкорлик билан олиб бориш, фермер хўжаликларида кузатилаётган нуқсон ва камчиликларга барҳам бериш, ҳадемай уюшқоқлик билан бошланадиган пахта йиғим-теримига астойдил тайёргарлик кўришга доир топшириқ ва тавсияларини берди.

Шу нуқтаи назардан, «Оlot Cotton Cluster» МЧЖга қарашли масканда пахта йиғим-теримига тайёргарлик ишлари алоҳида ўрганилди. Мутасаддиларга қишлоқ хўжалиги техникалари, тиркамаларни шай ҳолга келтириш, ёқилғи-мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлари таъминотида муаммога йўл қўймаслик талаби қўйилди.

Маълумот учун, Олот туманида айни кунда 9 минг 147 гектар майдонда саноат учун қимматбаҳо хом ашё — пахта парваришланаётган бўлиб, давлат хирмонига 27 минг 500 тонна юқори сифатли пахта қўшишга аҳд қилинган. Туман деҳқонлари мавжуд ҳар гектар ердан ўртача 35 центнердан ҳосил олишни режа қилмоқда.

Аввалроқ Қоровулбозорда 2020 йилда 13 минг тоннадан зиёд пахта ҳосили олиш режалаштирилгани, Булоқбошида бошоқли дон экиш ишларини олиб бориш юзасидан семинар ташкил этилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар