Олтиариқда фуқаронинг телефон ҳамда 50 минг сўм пулини ўғирлаган аёл қўлга олинди
Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 3 ноябрь, сешанба куни фуқаронинг «Аrtel» телефон аппарати ҳамда 50 минг сўм пулини ўғирлаган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Олтиариқ туманида 3 ноябрь куни М.Н. исмли аёл «Азимобод» маҳалласи ҳудудидан ўтган Олтиариқ—Бағдод автомобиль йўлининг темир йўл кесишмаси яқинида Р.Н. исмли аёлнинг нархи 250 минг сўмлик «Аrtel» телефони ва 50 минг сўм пулларини очиқдан-очиқ тортиб олиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси (Талончилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боилмоқда.
Маълумот ўрнида, юқоридаги кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Бешариқда аёлнинг телефон, 900 доллар пули ҳамда паспорти солинган ҳамённи ўғирлаган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.