Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг таълим йўналишлари рўйхати тасдиқланди

Ҳукуматнинг «Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори 2 сентябрь, пайшанба куни қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбек миллий мусиқа санъати институтига ўтказиладиган таълим йўналишлари рўйхати тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳукумат қарори билан Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтига (Институт) Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтидан ўтказиладиган таълим йўналишлари (мутахассисликлар) рўйхати тасдиқланган.

Маълум қилинишича, Институт мақом ижрочилиги, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади. Институтда ўқув жараёни 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.

Шунга кўра, 2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига тегишли йўналишлар бўйича ўқишга қабул қилинган, шунингдек, ушбу йўналишларда таҳсил олаётган талабалар ўқишларини Институтда давом эттиради.

Маълумотларга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Институтда махсус сиртқи таълим ташкил этилади ҳамда унга маданият ва санъат таълим йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ва таълим йўналишига мувофиқ соҳа, касб, лавозимларда камида 3 йиллик амалий иш стажига (педагогика йўналишлари учун педагогик стажга) эга бўлган, Маданият вазирлиги томонидан берилган тавсияномага эга, тест синовлари (кириш имтиҳонлари ва касбий суҳбат)дан муваффақиятли ўтган абитуриентлар қабул қилинади.

Бундан ташқари, 2021 йилдан бошлаб республикадаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлар ҳамда маданият, мусиқа ва санъат коллежларига Институтнинг етакчи профессор-ўқитувчиларини бириктириш орқали «маҳорат мактаблари» йўлга қўйилади.

Маълумот учун, Институт Президентнинг ПФ–6000-сонли фармонига мувофиқ ташкил этилган.

Аввалроқ Самарқанд Ветеринария медицинаси институтида Латвия университети билан ҳамкорликда қўшма филиал очилгани ҳамда Aндижон иқтисодиёт ва қурилиш институти ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар