Ўзбек шоу-бизнес вакиллари Instagram’даги рекламадан қанча даромад олиши маълум бўлди

Ўзбек шоу-бизнес вакиллари Instagram’даги шахсий саҳифасига реклама жойлаш орқали қанча даромад олиши маълум бўлди. Бу ҳақда «Daryo» хабар қилди.

Маълумотларга кўра, рекламанинг энг паст нархи 200 доллар, энг қиммати 2500 долларни ташкил этади. Бундан ташқари, кунлик реклама нархи 30 доллардан 200 долларгача эканлиги маълум бўлди.

Хабарга кўра, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева энг қиммат реклама аккаунтининг эгаси ҳисобланади. Унинг Instagram’даги обуначилари сони 3,6 миллионни ташкил қилади. Райҳоннинг саҳифасидаги реклама нархи 1500 долларга тенг. Aммо агар у маҳсулот ёки хизматларни шахсан ўзи реклама қилса, нарх 2000 долларни ташкил қилади.

Фото: Instagram/ @rayhonganieva

Яна бир шоу бизнес вакили, «Браво» комедия жамоаси аъзоси Шаҳло Зоированинг Instagram саҳифасида 2,4 миллион обуначиси бор. Унинг саҳифасида stories’даги реклама нархи 300 доллар, постга жойлаштириш нархи эса 500 долларни ташкил қилади.

Фото: Instagram/ @shahlo_bravo_official

Хонанда Муниса Ризаева эса ўзбекистонлик санъаткорлар орасида энг кўп обуначига эга. Унинг Instagram’даги обуначилари сони 4,4 миллионни ташкил этади. Бироқ у жуда камдан-кам ҳолларда ўз аккаунтига рекламалар жойлаштиради. Унинг саҳифасида stories’га реклама жойлаш учун 1500 доллар, рекламани постга жойлаш эса 2500 доллар сарфланади.

Фото: Instagram/ @munisarizaeva

Таниқли актрисалардан бири Муқаддас Саъдуллаева Instagram’да 2,6 миллион обуначига эга. У ўз саҳифасида битта реклама постининг нархи қанча бўлишини айтишдан бош тортди.

«Турмуш ўртоғим буни сир тушишимни қатъий талаб қилади. Аммо Instagram орқали яхшигина маблағ топиш мумкинлигини очиқ айтоламан. Гарчи бизда бу реклама тизими ҳали у қадар ривожланмаган бўлса-да, бир ойлик даромадимиз ёмон эмас. Саҳифамда 2 миллион 600 мингдан зиёд обуначи бор. Аслида бунча кузатувчи учун яхшигина ҳақ тўланиши керак. Агар ҳамма саҳифачи реклама нархини арзонга сотмаса, кузатувчилар орасида реклама нархи ҳам ошган бўларди. Шахсан мен фақатгина берилган маҳсулот учун реклама қилмайман», — дейди актриса.

Фото: Instagram/ @muqaddas_sadullayeva

Ўзининг ажойиб роллари билан кўплаб мухлисларга эга бўлган актриса Наргиза Aбдуллаева реклама ҳажмига қараб ҳар бир пост учун 200—400 доллар олади.

«Эплаганлар қандини уряпти, аммо мен менежерликни эплолмадим (кулади). Кўнглим бўшлиги шу ерда ҳам панд берди. Масалан, ойига 10 та рекламани саҳифамга жойласам, ундан 5 таси бепул бўлади. ‘Янги бизнес бошлаганман, қўллаб юборинг’, дейдиганларга бунча беринг, деёлмайман. Доимий ҳамкорларим эса рекламанинг мураккаблигига қараб 200—400 АҚШ доллари миқдорида пул тўлашади. Шу билан бирга, реклама жойлаётганда унинг ишончли маҳсулот эканлигига ҳам жиддий эътибор бераман. Пул деб, одамларга азият берадиган маҳсулотларни реклама қилишдан қўрқаман», — дейди актриса.

Фото: Instagram/ @abdullayeva_nargiza_aktrisa

Aввалроқ Instagram’да Асал Шодиеванинг келишган қомати муҳокама қилингани ҳамда «Forbes» талқини бўйича ўзбекистонлик йигит энг кўп пул топувчи TikToker’га айлангани хабар қилинганди. Шунингдек, телевидениеда экспертлар TikTok’даги қизларни муҳокама қилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар