Ўзбекистонда 1 августгача болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор 4 мингдан зиёд оналарга нафақа берилди
Ўзбекистонда 2019 йил 1 мартдан 2020 йил 1 августга қадар 4378 нафар болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) онага нафақалар тайинланган. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Президентнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонининг 19-бандига асосан 2019 йил 1 мартдан бошлаб болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга, улар пенсия ёши (55 ёш)га тўлгандан сўнг, агар уларда пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаса, нафақа тайинланиши белгиланган.
Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 2019 йил март ойидан бошлаб болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга нафақалар тайинланиб тўланмоқда.
Қайд этилишича, 2019 йил 1 мартдан 2020 йил 1 августга қадар республика бўйича 4378 нафар болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) онага нафақалар тайинланган.
Шундан Сурхондарё вилоятида — 583 нафар, Наманган вилоятида — 539 нафар, Қашқадарё вилоятида — 465 нафар, Aндижон вилоятида — 392 нафар, Тошкент вилоятида — 385 нафар, Фарғона вилоятида — 358 нафар, Жиззах вилоятида — 347 нафар, Самарқанд вилоятида — 337 нафар, Хоразм вилоятида — 278 нафар, Қорақалпоғистонда — 239 нафар, Тошкент шаҳрида — 133 нафар, Навоий вилоятида — 127 нафар, Сирдарё вилоятида — 101 нафар ва Бухоро вилоятида — 94 нафар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 7 ой давомида 190,1 минг фуқарога янги пенсия ва нафақалар тайинлангани ҳамда Бухорода ҳомиладорлик ва туғиш таътили билан боғлиқ 106 миллион сўм нафақа пуллари тўлаб берилгани ҳақида хабар қилинганди.