Ўзбекистонда 2020 йилнинг дастлабки 6 ойида пандемия туфайли сайёҳлар оқими 591 кишига камайган
Жиззах вилоятида Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг «Туризм тўғрисида»ги қонун ижроси ҳолатини ўрганиш якунлари муҳокамасига бағишланган сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, қўмита мажлисида вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутатлари, журналистлар иштирок этган.
Мажлис доирасида ишчи гуруҳ томонидан минтақада қонун ижроси ҳолатини ўрганиш якунлари бўйича тайёрланган ахборот-таҳлилий ҳисоботнинг, шунингдек, қўмитанинг ушбу масала бўйича қарор лойиҳасининг мазмунли ва ҳар томонлама муҳокамаси бўлиб ўтди.
Таъкидланишича, виза тартибини соддалаштириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилган. Жумладан, 2018 йилда Ўзбекистонда 9 мамлакат фуқаролари учун визасиз режим назарда тутилган бўлса, 2019 йилда уларнинг сони яна 47 тага кўпайди, 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра визасиз режимга эга мамлакатлар умумий сони 86 тага етди. Фуқаролари электрон виза олишлари мумкин бўлган мамлакатлар сони 57 тага етди. Икки ва кўп марталик электрон визалар тизими жорий этилди. Ушбу чора-тадбирлар туфайли 2017-2019 йилларда республика бўйлаб туристик оқимнинг барқарор ўсиши кузатилди.
Қайд этилишича, амалга оширилган ишлар натижасида сайёҳлик соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субектлари сони 2018 йилга нисбатан 2,6 баравар ошган. Шунингдек, 2019 йилда минтақага 11 мингдан ортиқ чет эллик сайёҳ ташриф буюрган, 2020 йилнинг биринчи чорагида CОVID-19 глобал пандемияси туфайли чет эллик сайёҳлар оқими 591 кишига камайган.
Шунингдек, мажлис якунлари бўйича билдирилган таклиф ва тавсиялар қўмита қарорига киритилган, маҳаллий Кенгаш депутатлари билан «Туризм тўғрисида» ги қонун, минтақавий дастурлар ижроси устидан назоратни биргаликда кучайтириш тўғрисида келишувга эришилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Германия ва Aвстрия туристик компаниялари билан видеоконференция ўтказгани ҳамда Бухорода 22 августдан бошлаб «Етти пир зиёратгоҳлари» йўналишида транспорт қатнови бошлангани хабар берилганди.