Ўзбекистонда мактабларни тезкор интернетга улаш учун бюджетдан 100 млрд сўм ажратилади
Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, пандемия шароитида ижтимоий соҳага ажратиладиган харажатлар 2020 йилга нисбатан камида 15 фоизга оширилиши режалаштирилмоқда. Жумладан, 2021 йилда мактабгача таълим қамрови даражасини 70 фоизга, бунда хусусий сектор улушини 25 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Халқ таълими вазирлигига бюджетдан ажратмалар 16 фоизга оширилади. Мактабларни тезкор интернетга улаш бўйича биринчи марта бюджетдан 100 миллиард сўм, жиҳозлашга 200 миллиард сўм йўналтирилади.
Бундан ташқари, илм-фанни ривожлантириш концепцияси доирасида келгуси йили инновацион ривожлантириш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига бюджетдан 2 баравар кўп маблағ ёки 100 миллиард сўм ажратилади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан Ўзбекистонни ривожлантириш йўлларини муҳокама қилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда пандемия оқибатларини бартараф этишга қанча маблағ йўналтирилгани маълум бўлди.