Ўзбекистонда пахта мавсумида мажбурий меҳнатга жалб этилган 320 нафардан ортиқ фуқаро аниқланди

Ўзбекистонда пахта мавсумида мажбурий меҳнатга жалб этилган 300 нафардан ортиқ фуқаро аниқланди. Бу ҳақда 7 октябрь куни АОКАда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Раҳим Маҳкамов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Қайд этилишича, брифингда 2020 йилги пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш юзасидан назоратни таъминлаш бўйича маълумотлар тақдим этилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан алоҳида ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, мамлакатнинг 86 та ҳудудида 190 дан зиёд мониторинглар ҳамда ижтимоий тармоқда тарқалган хабарлар юзасидан ўрганишлар ўтказилган.

Ўрганишлар натижасида, мажбурий меҳнатга жалб этилган 320 нафардан ортиқ фуқаро аниқланган ҳамда 10 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар солинган.

Қайд этилишича, мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларида банд бўлмаган аҳолини теримга жалб қилиш бўйича олиб борилган ишлар, теримчилар учун яратилган меҳнат ҳамда дам олиш шароитлари, терим пулларининг ўз вақтида ва белгиланган меъёрий суммада берилаётганлиги ўрганилган. 44 та ҳолатда мансабдор шахсларга нисбатан муносиб меҳнат шароитлари яратилмаганлиги учун маъмурий жарималар қўлланилган.

Таъкидланишича, Наманган вилоятининг Поп туманида ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида «Артсофт прогресс» кластер даласида пахта тераётган теримчилар учун пахта терим пуллари ўз вақтида берилмаётганлиги аниқланган. Фермер хўжалиги раисига маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятида 9 та, Хоразм вилоятида 7 та, Сурхондарё вилоятида 6 та, Бухоро вилоятида 5 та, Наманган вилоятида 3 та фермер хўжалиги раҳбарлари маъмурий жаримага тортилган. Бундан ташқари, ўрганиш натижаларида тўпланган ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ тегишли чора кўриш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Бундан аввал Пешку туманида пахта ортилган юк машинасининг тиркамаси ва Избоскандаги пахта хирмони ёниб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Наманганда банк ходимларининг пахта теримига мажбурий жалб этилмаганлиги маълум бўлди.

Янгиликлар