Ўзбекистонда ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун ҳар бир вилоятга қанча кредит маблағлари ажратилиши маълум қилинди

Шавкат Мирзиёев 25 декабрь, жума куни Тошкентда ўтказилаётган Ўзбекистон ёшлари форумида иштирок этиши хабар қилинган эди. Унда қатнашган Президент ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун ҳар бир вилоятга 100 миллиард сўмдан кредит маблағлари йўналтирилишини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, форумда ушбу мақсадлар учун 2021 йилда 45 миллион доллар ажратилиши, шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ҳар бир вилоятга 100 миллиард сўмдан кредит маблағлари йўналтирилиши қайд этиб ўтилган.

«Бугун ўғил-қизларимизни қийнаётган жиддий муаммолардан бири — ўқишни тамомлаган ёшлар бандлиги. Кўплаб мактаб ва коллеж битирувчилари, баъзан олий маълумотли йигит-қизлар ҳам, иш топишда қийинчиликка учрамоқдалар», — деб таъкидлаган Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумот ўрнида, ҳозирги вақтда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида 7–11-синф ўқувчиларига таълим бериш билан бирга уларни энг камида битта касбга ўргатиш амалиёти жорий этилган. Ўқувчи 11-синфга ўтгач, у туман ёки шаҳар ҳокимлигининг бевосита эътиборида бўлиши белгиланган.

«Ташкилотлар ёш мутахассисни ишга олишдан манфаатдор бўлиши керак. Шу сабабли, ҳукуматга ёш кадрлар учун белгиланган синов муддати даврида иш берувчиларга имтиёзлар тақдим этиш масаласини кўриб чиқиш вазифаси топширилади», — деган Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, тадбирнинг ўзида 3 минг 300 нафардан зиёд, шунингдек, ҳудудлардаги студияларда 26 минг нафар йигит-қиз қатнашган.

Янгиликлар