Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун Германиядан мутахассислар келади

Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун Германиядан 10 нафар мутахассисдан иборат тиббий гуруҳ келади. Бу ҳақда Telegram’даги «Koronavirus Info» каналида хабар берилди.

Маълумотларга кўра, тиббий гуруҳ Роберт Кох институти Халқаро соғлиқни сақлаш маркази директори ўринбосари, Халқаро соғлиқни сақлаш ахборот маркази раҳбари, доктор Андреас Янсен раҳбарлигидаги гуруҳ Роберт Кох институтининг етакчи эксперт ва мутахассислари, шунингдек, Франкфурт-Майнц ва Дюссельдорф университетлари клиникаларининг юқори малакали врачлари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси вакилларидан ташкил топган.

Германиялик мутахассислар коронавирусга қарши кураш штаби масъуллари билан биргаликда Ўзбекистонда COVID-19’га қарши кураш борасида ҳолатни таҳлил этиб, тегишли тавсиялар бериши кўзда тутилган.

Аввалроқ Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун Хитойдан шифокорлар келганди. Шунингдек, Россиянинг нуфузли тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган 40 нафарга яқин мутахассисдан иборат нуфузли тиббий гуруҳ ташрифи кутилётгани ҳақида хабар берилган эди.

Ундан ташқари, Россиядан 40 нафар мутахассис коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун етиб келган.

Янгиликлар