Ўзбекистонлик 336 нафар фуқаро Амур вилоятидаги завод қурилишида ишлаш учун жўнаб кетди

Ўзбекистондан 336 нафар фуқаро 20 сентябрь, якшанба куни Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали жўнаб кетди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг август ойида Россиянинг Нефть ва газ илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш институти раиси ўринбосари Д.Мишченко бошчилигида қатор иш берувчи компаниялар вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида фуқароларни йирик қурилиш объектларига ишга жалб қилиш, улар учун қулай шароитлар яратиш ва бошқа масалалар бўйича келишиб олинган.

Ушбу келишувга мувофиқ, бугун 336 нафар ўзбекистонлик Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали жўнаб кетган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизматининг хабар беришича, уларнинг транспорт, овқатланиш, патент ва яшаш харажатлари, агарда ишчида касаллик аниқланса, унинг даволаниши иш берувчи компаниялар томонидан таъминланиши, шунингдек, ойлик иш ҳақи ўртача 40—60 минг рублни ташкил этиши белгиланган. Фуқаролар 14 кунлик карантиндан сўнг белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда қурилиш объектларида иш бошлайди.

Таъкидланишича, 2020 йил якунига қадар 5 мингга яқин фуқароларнинг мазкур завод қурилишга ишга жалб қилиниши режалаштирилган.

Аввалроқ Россияда 3 ойдан буён маошини ололмаётган муҳожирлар қурувчи компаниянинг офисига ҳужум қилган. Кейинчалик Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Aмур вилоятидаги заводда ишчилар уюштирган норозилик бўйича маълумот берган.

Янгиликлар