Ўзбекистоннинг табиий газ танқис ҳудудларига 385 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилади
Шавкат Мирзиёев раислигида 18 сентябрь куни ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятига табиий газ танқис ҳудудларга 385 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш вазифаси қўйилди.
Бу йил қиш совуқ келиб, ҳаво ҳарорати олдинги йилларга нисбатан 2–5 даража паст бўлиши кутилаётгани сабабли Вазирлар Маҳкамасига туман ва шаҳарлардаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб, куз-қишга тайёргарлик юзасидан Тошкент шаҳрининг 12 та тумани, Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоят бўйича алоҳида-алоҳида қарор қабул қилиш топширилди.
Шунингдек, ушбу мавсумда электр энергиясига талаб ўтган йилгига нисбатан 7,5 фоиз кўп бўлиши кутилаётгани маълум қилинди. Бу соҳа барқарор ишлаши учун иссиқлик электр станцияларини табиий газ ва мазут билан таъминлаш, электр тармоқлари, подстанция ва трансформаторларни таъмирлаш муҳимлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда экин майдонларини лазер ёрдамида текислаш ишларига 250 миллиард сўм кредит ажратилиши маълум қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг уч ҳудудида сув тежовчи технологиялар учун ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этилиши ҳақида хабар берилди.