Ўзбекистоннинг уч ҳудудида сув тежовчи технологиялар учун ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этилади
Шавкат Мирзиёев раислигида 16 сентябрь куни сув хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда сув тежовчи технологиялар қамрови кенгайиши билан уларни ишлаб чиқаришга ҳам талаб ошиши бироқ, Ўзбекистонда шунга ихтисослашган 13 та корхонанинг қуввати келгуси йил эҳтиёжининг ярмини қоплашга ҳам етмаслиги таъкидланган.
Шу боис мутасаддиларга Самарқанд, Тошкент ва Наманган вилоятларида сув тежовчи технологиялар учун ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этиш вазифаси қўйилгани маълум қилинди.
Шунингдек, суғориш меъёрларини ҳисоблаш методикасини БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) талабларига мослаштириш, сув ҳисоблагичлар ўрнатган истеъмолчиларни рағбатлантириш юзасидан вазифалар белгиланди.
«Ўзбекбалиқсаноат« уюшмасига коллектор сувларида балиқчиликни ривожлантириш бўйича топшириқ берилди.Наманган тажрибаси асосида гидрогеологик қидирувларни кенгайтириб, ерости сувларидан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда экин майдонларини лазер ёрдамида текислаш ишларига 250 миллиард сўм кредит ажратилиши маълум қилинган эди.