Пахтачи тумани «Тадбиркор» маҳалласидаги аҳоли 11 октябрдан суюлтирилган газ билан таъминланади

Самарқанд вилояти Пахтачи тумани «Тадбиркор» маҳалласи аҳолиси 11 октябрдан суюлтирилган газ билан таъминланади. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, мазкур маҳалла аҳолиси охирги маротаба 1—2 август кунлари маиший газ баллонлари билан таъминланган. «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали ходимлари мазкур маҳалла фуқаролари билан учрашиб, суюлтирилган газ таъминотидаги кечикишларнинг сабаблари тушунтирган. Учрашувда мазкур маҳалла аҳолисига 11 октябрдан бошлаб суюлтирилган газ билан таъминланиши айтилган.

Маълум қилинишича, 2020/2021 йил куз-қиш мавсумида Самарқанд вилоят аҳолисини узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича 51 332 тоннага яқин суюлтирилган газ маҳсулоти ажратилган. Бу 2019 йилги куз-қиш мавсумида ажратилган суюлтирилган газ маҳсулотидан 19 887 тоннага кўп.

Маълумот учун, Пахтачи туман «Тадбиркор» маҳалласида 628 та хонадон мавжуд бўлиб, ҳудудда суюлтирилган газ истеъмолчилари 937 нафарни ташкил этади.

Аввалроқ Aндижонда куз-қиш мавсумида электр энериясини етказиш ҳажми 10,5 фоизга оширилиши, Наманган вилояти истеъмолчиларига табиий газ етказиш ҳажми салкам 25 фоизга ҳамда Фарғонада куз-қиш мавсумида электр энергияси ва газ етказиш ҳажми оширилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар