Пайариқда коронавирусга қарши дориларни ноқонуний равишда сотган эркак қўлга олинди

Самарқанд вилояти Пайариқ туманида 9 октябрь куни коронавирусга қарши ишлатиладиган дориларнинг ҳар бир донасини ноқонуний равишда 950 минг сўмдан қиммат нархга сотган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Пайариқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, 9 октябрь куни Пайариқ туманида яшовчи Д.Ш. дорихонадаги чакана сотиш нархи 400 минг сўм бўлган, коронавирусга қарши ишлатиладиган «Бемсивир (Ремдесивир) 100 мг» дори воситасини қиммат нархда сотган вақтда ушланган. У дорининг ҳар бир донасини ноқонуний равишда 950 минг сўмдан, жами 5 дона «Бемсивир (Ремдесивир) 100 мг»ни 4 миллион 750 минг сўмга пуллаган.

Тадбирда умумий қиймати 18 миллион сўмлик 19 қути «Бемсивир (Ремдесивир) 100 мг», 17 қути «Бревикс», 1 қути «Панарас», 1 қути «Климон» дори воситаси, «Кундалик» ҳисоб-китоб дафтари ҳамда 85,3 миллион сўм ва 500 доллар миқдоридаги пул далилий ашё сифатида олинган. Аниқланган ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкент туманида вирусга қарши дориларни 131 миллионга сотаётган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар