Пешку ҳокимининг сайёр қабулида 11 нафар фуқаронинг мурожаатлари жойида ҳал этилди
Бухоро вилояти Пешку туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Aмрилло Назаров ҳамда туман Халқ қабулхонаси мудири Ҳабибулло Раҳмонов иштирокида 9 сентябрь, чоршанба куни «Туркистон» МФЙ аҳолиси билан сайёр қабул ўтказилди. Бу ҳақда Пешку туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, сайёр қабулда, асосан, ушбу маҳалла ҳудудида яшовчи камбағал, оиласида ногирони бор, пандемия туфайли қийинчиликка учраб даромадидан айрилган фуқаролар таклиф этилиб, уларнинг оилавий даромадини ошириш ва камбағалликдан чиқариш бўйича сектор аъзолари ҳамда туман ташкилоти раҳбарлари билан биргаликда фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан амалий ишлар олиб борилган.
Қайд этилишича, 18 нафар мурожаатчининг 11 нафарининг муаммоси жойида ҳал этилган, 5 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилиши учун соҳага тегишли ташкилотларга йўналтирилган, 2 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунча берилган.
Сайёр қабул сўнгида Aмрилло Назаров томонидан МФЙнинг «темир дафтар»ига киритилган қамабағал ва оила аъзолари таркибида ногирони мавжуд оилаларнинг 2 нафарига бир қопдан ун тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, Олтинкўл ҳокими тумандаги эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан топшириқ бергани ҳамда Наманган шаҳар ҳокими сайёр қабулида 2 ойдан бери кредит ололмаган фуқаронинг иши ҳал бўлгани ҳақида хабар қилинганди.