Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси «Tahoe», иккита «Malibu» ва «Lacetti» харид қилди

Ўзбекистонда ташкил этилган Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси давлат харидлари доирасида 1 миллиард 546 миллион сўмга «Chevrolet Tahoe», иккита «Malibu» ва «Lacetti» сотиб олди. Бу ҳақда давлат харидлари сайтига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

Фото: «Uzreport»

Таъкидланишича, сотиб олиш шартномалари 3—5 ноябрь кунлари имзоланган. «Chevrolet Tahoe» 795 миллион сўмга, «Malibu 2» энг қиммат конфигурацияда 324 миллион 400 минг сўмга, яна бир «Malibu 2» 311 миллион 100 сўмга, «Lacetti» эса 115 миллион 600 миллион сўмга сотиб олинган. Ҳаммаси бўлиб автомобиллар сотиб олишга қўмита 1 миллиард 546 миллион сўм маблағ сарфлади.

Ҳужжатларда сотиб олиш сабаблари кўрсатилмаган, бироқ уларнинг хизмат мақсадида фойдаланиш учун сотиб олингани айтилган.

Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси Президентнинг 2020 йил 2 сентябрдаги фармони билан ташкил этилган. Давлат органининг марказий аппарати таркибига раис, унинг ёрдамчиси, биринчи ўринбосари ва ўринбосари, иккита бўлим бошлиғи, матбуот котиби ва бошқалар киради.

Қайд этилишича, 2021 йилги давлат бюджети лойиҳасига кўра, қўмитага 12 миллиард сўм ажратиш таклиф қилинмоқда.

Аввалроқ Қўшработ ва Нарпай ҳокимлари салкам 400 миллион сўмга хизмат автомобиллари харид қилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар