«Президентимизнинг БМТдаги нутқи ҳали жуда кўп резонанс беради» — Танзила Норбоева
Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева Шавкат Мирзиёевнинг БМТ шафелигида пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари кодексини ишлаб чиқариш бўйича таклифи бўйича фикр билдирди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
«Менимча, бугун бутун республикамиз аҳолиси ва нафақат ҳамюртларимиз, балки бутун дунё ҳамжамияти давлатимиз раҳбарининг кечаги нутқидан жудаям катта таассуротда эканини алоҳида қайд этиб ўтмоқчи эдим. Чунки мана шу нутқ бутун дунё етакчи экспертлари томонидан бугун жуда кенг муҳокама қилинмоқда. Бутун йирик-йирик давлатлар, дунё харитасидаги катта-катта мамлакатлар давлатимиз раҳбарининг нутқини тўғридан-тўғри кеча намойиш ҳам қилди ва бугунги кунда ҳам қайта-қайта ўзининг аҳолисига кўрсатяпти. Президентимиз нутқида нафақат мамлакатимиз учун долзарб бўлган, балки бутун минтақамиз учун, мана шу Осиё минтақаси, Афғонистон ва шу жумладан, бутун дунё учун жуда ҳам долзарб бўлган муаммоли масалаларни кўтарди ва уларнинг аниқ ечими бўйича муҳим ташаббусларни ҳам илгари сурди. Ҳозирги айтиб ўтилган муҳим ташаббусларни ечишда ҳамма давлатларни мулоқотга чақирди биринчи навбатда. Иккинчидан, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга, биргаликда ҳал қилишга чақирди ва энг асосийси бизни мана шу хавфсизлик ва ривожланиш масалаларига чақирди.
Айтиб ўтишимиз керак, бу ҳали кечаги бўлган нутқ ҳали жуда ҳам кўп резонанс беради. Пандемия даврида давлатларни ихтиёрий мажбуриятлар тўғрисидаги кодексни қабул қилишга чақирди. Бу нима учун? Мана биз кўрдикки, пандемия ҳозир бизда ҳамма давлатларни, шу жумладан, Ўзбекистонниям саросимага солиб қўйди. Бу кутилмаган. Кечаги нутқларида айтганидек, 100 йил олдин ҳам бўлмаган бу нарса. Шунинг учун ҳам биринчи навбатда бизнинг мамлакатимизда охирги уч- тўрт йилда олиб борилган ислоҳотлар иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳада. Бирорта соҳа қолмадики, ислоҳотлар кирмаган. Мана шу ислоҳотлар бўлмаганда эди, биз ҳозир тайёр бўлармидик коронавирус пандемияси билан курашишга. Албатта, йўқ. Шунинг учун бизнинг мамлакатимиз коронавирус билан курашишдек оғир синовдан муваффақиятли чиққанлигини айтиб ўтишимиз керак. Соғлиқни сақлаш тизимимиз гарчанд тайёр бўлмаса ҳам, лекин мана шу вазиятга мослаша олди. Энг асосийси, аҳолимизнинг оғир қатламини моддий қўллаб-қувватлаш ишлари манзилли, етарли даражада олиб борилди. Давлатлар саросимага тушганда, қандай йўл тутишни билмаганда, бир-бири билан тажриба алмашиш амалиёти йўқ бўлганда мана шундай кодексни қабул қилишни илгари суриш жудаям долзарб масала. Менимча, бунга ташаббус қилган давлат бунинг лойиҳасини ҳам ишлаб чиқиши керак. Биринчидан, ўзининг халқи олдидаги энг кам бўлган миқдордаги мажбуриятларни олади давлат ва шу билан бирга дунё ҳамжамияти олдидаям мажбуриятини оладики, ‘мен ўз аҳолимни мана шундай ижтимоий ҳимоя қиламан. Мен пандемиянинг олдини олишда шу-шу чораларни амалга ошираман ва бу бўйича натижаларга эришаман’ деган талаблар акс эттирилади шу ҳужжатда», дейди Танзила Норбоева.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш маркази очишни таклиф қилгани, Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан жаҳон ҳамжамиятига 8 та таклиф бергани ҳақида хабар берилганди.