Қамашида ҳар 27 дақиқада очиладиган доривор ўсимлик етиштириш йўлга қўйилди (фото)

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида 4,5 гектарга яқин майдонда ҳар 27-30 дақиқада очилувчи ноёб доривор ўсимлик экилди. Ҳозирда унда мавсумий 50 нафар қиз иш билан таъминланган, деб хабар бермоқда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, Қамашида 29 ёшли Дўстмурод Чориев салкам 4,5 гектарга яқин ерга Швейцариядан келтирилган доривор ўсимлик эктирган. Ушбу фаолиятга бугунги кунда 50 нафар қизни жалб қилиб, уларнинг бандлигини таъминлаган.

«Ўзим 2014 йил Тошкент давлат аграр университетини тамомлаганман. Ўқув йили давомида талабаларнининг малакасини ошириш бўйича жорий қилинган ўқув дастурининг амалиётчиси сифатида 2014 йил Польшада, 2018 йил Германияда ва 2019 йили Швейцарияда бўлиб қайтдим. 6 йиллик амалий тажрибам давомида қишлоқ хўжалиги йўналишларига қизиқиб кўрдим. Қарасам, доривор ўсимликлар бўйича Президентимиз томонидан катта эътибор қаратиляпти, лекин уни етиштирувчи, қайта ишловчи, экспорт қилувчи тадбиркорлар жуда кам. Шуни ҳисобга олиб, мен билан акам — биргаликда Швейцарияга бориб, амалиёт ўтаб келдик ва доривор ўсимликлар қандай етиштирилади, қай тартибда экилади, йиғиб олинади ҳамда қандай қадоқланади — ҳаммаси бўйича маълумот олиб келдик. Шундан сўнг экинни Ўзбекистон шароитида экишга қарор қилдик.

Фото: «Tez News»

Бу ўсимликни экишдан мақсадларимиздан бири — аҳолини камбағалликдан чиқаришда бир оз бўлса-да ҳиссамизни қўшиш. Теримчиларни иш билан таъминлаб, уларнинг ҳам даромадли бўлишига ёрдам бериш. Бир оила мисолида айтадиган бўлсак, 10 сотих майдонда сабзи ёки картошка экишса, 3—4 миллион сўм даромад олиши мумкин. Бироқ бу ўсимликни парваришлашса, 10 сотих ердан 15 миллион сўмдан 20 миллион сўмгача даромад олади. Шу сабаб, 2020 йили қишлоғимизнинг 100 аҳолисига ушбу доривор ўсимликни эктирганмиз. Бундан ташқари, қўшни қишлоқларда ҳам 20 дан ортиқ аҳоли буни экиб, даромад кўрмоқда», — дейди Дўстмурод Чориев.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, гул ҳар 27—30 дақиқада очилади ва шу очилганида бир туп кўчатдан 700—800 грамм, 1 гектардан 2 тоннагача ҳосил йиғиб олинади. Ўсимликнинг гули фармацевтика соҳасида қўлланилса, ундан қоладиган қолдиқ косметика саноатида — аёллар лаб бўёғини ишлаб чиқаришда фойдаланилади.

«Ҳозирда 50 нафар ишчимиз бор, теримчиларнинг ҳаммаси шу маҳалладаги ёшлар, қизларни ташкил этади. Ўзлари келиб, териб беришга хоҳиш билдиришади. Шундай пайтлар бўлдики, кунига 200—250 қиз келиб, ҳосилни йиғиб бериб кетишди. Теримчиларимизнинг яхшилари кунига 13 килограммгача теришади, бир килограмми учун 5000 сўмдан ва бир кунда ўртача 65—70 минг сўм пул олишади», — дейди тарозибон Нурали Шаймонов.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Маълумотларга кўра, гул экилганда унга қўшимча ўғитлар берилмайди. Чунки у доривор ўсимлик ҳисобланади, таркибидаги микроэлементлар ўзгариб кетиши мумкин. Ҳозирги кунда ўсимликнинг 3 хил тури 4,5 гектар майдонда экилган бўлиб, яна 6 хил нави синов тариқасида хориждан келтирилган. Шунингдек, биринчи ҳосилнинг жами 12 тоннаси Европа давлатлари, Шарқ мамлакатларига экспорт қилинган.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Дўстмурод Чориевнинг айтишича, мазкур ўсимлик қимматбаҳо ҳисобланиб, унинг ортида Швейцария ва Польша давлатлари билан 162 минг евролик шартнома имзоланган. Об-ҳаво шароитига қараб гулларнинг навлари қаерда экилиши белгилаб олинган. Ҳозирда у Қашқадаёнинг Қамаши, Косон туманларида, Бухоро, Хоразм вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон, Тошкент вилоятининг Сижжак тоғли ҳудудларидаги дала майдонларида экилган.

Аввалроқ Қарши туманида тажриба тарзида атиргул етиштиришга ихтисослаштирилган иссиқхона ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар