Сирдарёда ноқонуний олиб қўйилган 479,1 гектар ер майдонлари эгаларига қайтарилди
Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Соғлиқни сақлаш, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва вилоят давлат божхона бошқармаларида ўрганишлар ўтказилди. Бу хақда Сирдарё вилояти Бизнес-омбудсман девони Teznews’га хабар берди
Маълум бўлишича, йил бошидан буён Сирдарёда жами 43 та тадбиркорлик субъектларининг турли кўринишдаги ҳуқуқлари тикланган. Жумладан, 5 та ҳолатда 479,1 гектар ноқонуний олиб қўйилган ер майдонлари қайтарилган ва 19 та ҳолатда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш юзасидан чоралар кўрилиб, 130 та ҳолатда 79,3 миллиард сўмлик тегишли имтиёзларни қўлланилиши таъминланган.
«Сайхунобод тумани ҳокимининг қарорлари билан «Исоқ ота Жасур», «Миржамолбой уруғчи» ва «Садулла-Сайидбек» фермер хўжаликларининг туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олинган жами 277,1 гектар ер майдонлари суд қарорлари асосида қайтарилиши таъминланган», -дейилади хабарда.
Шунингдек, йил бошидан буён аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 14 та назорат органига тақдимнома киритилиб, 2 нафар ходимга интизомий жазо чораси қўлланилган ҳамда 2 нафар ҳодим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.