Қоракўл ҳокими 6,4 млрд сўмлик 2 та боғчадаги қурилиш ишларини кўздан кечирди (фото)
Бухоро вилояти Қоракўл тумани ҳокими умумий қиймати 6,4 миллиард сўм бўлган 2 та боғчадаги қурилиш ишларини кўздан кечирди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туман ҳокими Шерали Саломов сектор раҳбарлари ҳамроҳлигида «Бандбоши» ва «Дўрмон» МФЙларда барпо этилаётган 24- ва 25-мактабгача таълим ташкилотларининг қурилиш жараёнлари билан танишган.
«Бандбоши» МФЙ ҳудудидаги 24-сон мактабгача таълим муасасасининг биноси 1968 йилда болалар боғчасига мослаштириб қурилган ва «Зилола» болалар боғчаси номи билан фаолият олиб борган.
Мазкур маҳаллада мактабгача таълим ёшидаги болалар сони 270 нафар эканлиги қайд этилган. Қурилаётган 24-МТТ биноси 120 ўринга мўлжалланган ҳамда «Нур қурилиш порлоқ» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган қурилиш жараёнларига 3 миллиард 200 миллион сўм маблағ сарфланаётгани қайд этилган.
«Дўрмон» МФЙ ҳудудидаги 25-сон мактабгача таълим муасасасининг эски биноси 1975 йилда қурилган. Мазкур маҳаллада мактабгача таълим ёшидаги болалар сони 243 нафар эканлиги қайд этилган. Барпо этилаётган 25-МТТ биноси 120 ўринга мўлжалланган ва «Бунёд–Шахзод–Файз» МЧЖ томонидан амалга оширилаётган қурилиш ишларига 3 миллиард 200 миллион сўм маблағ жалб қилинаётгани маълум қилинган.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда 2020 йилда салкам 148 минг ўринли хусусий боғчалар фойдаланишга топширилади
Аввалроқ Ўзбекистонда уч йил ичида боғчалар сони 5 мингтадан салкам 15 мингтага етгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Бўстон туманида янги хусусий болалар боғчаси ўз фаолиятини бошлагани ва Марҳаматда бир кунда учта янги боғча фойдаланишга топширилгани маълум қилинди.