Ўзбекистонда уч йил ичида боғчалар сони 5 мингтадан салкам 15 мингтага етди
Ўзбекистонда 2017—2020 йил ичида боғчалар сони 5 мингтадан салкам 15 мингтага етди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги вакиллари иштирокида 10 сентябрь, пайшанба куни бўлиб ўтган анжуманда маълум қилинди.
Вазирлик матбуот хизматининг «Tez News»га хабар беришича, анжуманда вазирлик вакиллари эришилган натижалар ва пандемия шароитида МТТлардаги иш жараёнлари қандай ташкиллаштирилишига оид маълумотларни тақдим этган.
«Мактабгача таълим вазирлиги анъанавий тарзда йилда икки маротаба қилинган ишлар ҳақида ҳисобот беради. Ўтган уч йил мобайнида мактабгача таълим билан 1,5 миллион нафар болаларни қамраб олишга эришдик, бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан икки баробар кўпроқдир. Жорий йилнинг охирига қадар қамровни 59,5 фоизга етказиш режалаштирилган. МТТлар сони ҳам тобора ортиб бормоқда. Агар 2017 йилда МТТларнинг умумий сони 5 мингта бўлган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 14 мингтадан ортди», — дея таъкидлади мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда янги МТТлар қурилиб, эскилари таъмирланмоқда. 2020 йилги дастурларга мувофиқ 18 та объект қуриб битказилиши, 129 та бўш иншоот фойдаланишга топширилиши ва 261 та давлат МТТ таъмирланиши лозим. Бу эса қўшимча янги 32,7 минг ўринни яратади.
Мавзуга доир: Пайариқ туман депутатлари санитария ҳолатига тўлиқ жавоб берадиган мактаб ва боғчалар очилишини бир овоздан маъқуллади
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода давлат боғчалари 14 сентябрдан босқичма-босқич очилиши, Поп туманида боғчалар фаолиятига босқичма-босқич рухсат берилиши хабар қилинган эди. Булунғурда эса давлат боғчалари ҳамшираларига амалий семинар ўтказилган.