Қоровулбозор Ироққа 4,4 млн долларлик мева-сабзавот экспорт қилади

Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги корхона Ироққа 4,4 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Хабарда айтилишича, тумандаги корхона «INM Tekstil Nakliyat Kimya Metal Sanayi» корхонаси билан 292 500 долларлик ва «А Combany Dana Kheder Hussein» корхонаси билан 4,4 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланган.

Қоровулбозор тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари Акмал Остонов 18 сентябрь, жума куни туманнинг йирик экспортёрларидан «Turon ImpEx Buxara» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бекзод Алиев билан учрашган. Унда келгусида экспорт қилинадиган маҳсулотлар ва уларни йиғиш, сақлаш учун керак бўладиган бино масаласи кўриб чиқилган.

Маълум бўлишича, корхона томонидан тариқ, олма, ўрик, шафтоли, пиёз, мош, ловия ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинади. 2020 йилнинг август ойларигача бўлган даврда корхона умумий қиймати 1 миллон 735 минг доллар бўлган маҳсулот экспорт қилган. Шундан 1 миллион 401,4 минг доллар миқдорида саноат маҳсулотлари, 333,6 минг доллар миқдорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари асосан Афғонистон, Ироқ, Эрон давлатларига экспорт қилинган.

Аввалроқ Фарғона 2020 йилда хорижга 15 минг тоннадан ортиқ узум экспорт қилгани, Самарқандда 8 ой давомида 62 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилингани хабар берилган эди.

Янгиликлар