Россиялик тиббиёт ходимлари COVID-19’га қарши курашишда ёрдам бериш учун Ўзбекистонга келади
Бир гуруҳ россиялик мутахассислар коронавирус инфекциясига қарши курашишда кўмак бериш учун Ўзбекистонга келишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко 10 август куни вирусга қарши кенгаш мувофиқлаштирувчи президиум йиғилишиида эълон қилди, дея ёзади «Известия» нашри.
«Биз халқаро фаолиятимизни ҳам давом эттиряпмиз. Шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, мутахассисларимиз Қозоғистондан ўз вазифасини бажариб қайтди. Эндиликда Ўзбекистонга жўнатиладиган мутахассислар гуруҳи тайёрланмоқда», — дейди Мурашко.
Маълумот учун, июль охирида Мурашко Россияда коронавирусга қарши ишлаб чиқилаётган вакцинанинг таркибига Ўзбекистон ҳам кирувчи Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатларига етказилиши бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган.
7 август куни Россия соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олег Гриднев Россия коронавирусга қарши вакцинани рўйхатга оладиган дунёдаги биринчи давлат бўлишини маълум қилди. Николай Гамалея номидаги марказ томонидан ишлаб чиқилган препарат 12 август куни рўйхатга олиниши режалаштирилган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 11 август соат 10:00 берган маълумотига кўра, мамлакатда жами 31 545 нафар одамда коронавирус аниқланган. Беморларнинг 22 992 нафари соғайган, 202 нафари эса вафот этган.
Аввалроқ Ўзбекистонга COVID-19’га қарши курашда кўмак бериш учун турк мутахассислари келгани ва германиялик профессор Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича консультациялар бераётгани хабар қилинган эди.