Самарадан махсус поезд орқали мингга яқин ўзбекистонлик ватанга қайтарилди
Россиянинг Самара вилоятидан махсус поезд рейси орқали 922 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Республика махсус комиссияси Ўзбекистон фуқароларини Россиянинг Самара вилоятидан олиб келиш учун «Тошкент—Кинел—Тошкент» темир йўл рейсини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган.
Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан 31 август куни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ поезди 922 нафар фуқаро билан «Кинел» станциясидан Ўзбекистонга жўнаган.
Мазкур поезд 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳрига етиб келган. Ушбу рейс орқали олиб келинган барча фуқаролар автобусларда вилоятдаги карантин зоналарига етказилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон 4 сентябрдан 5 та йўналиш бўйича халқаро авиақатновларни қайта тиклайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқароларини Япониядан олиб келиш учун 24—25 сентябрь кунлари чартер рейс амалга оширилади.
Аввалроқ Ўзбекистон фуқароларини 31 августдан 30 сентябргача хориждан олиб келиш бўйича чартер рейслар рўйхати эълон қилинганди.