Самарадан яна мингга яқин ўзбекистонлик олиб келинди
Россиянинг Самара вилоятидан яна мингга яқин ўзбекистон фуқароси олиб келинди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Республика махсус комиссияси Ўзбекистон фуқароларини Самара вилоятидан олиб келиш учун Тошкент—Кинел—Тошкент темир йўл рейсини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган.
Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан 14 сентябрь куни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ поезди 938 нафар Ўзбекистон фуқароси билан «Кинел» станциясидан Ўзбекистонга жўнаган. Мазкур поезд айни дамда Тошкент Жанубий вокзалига етиб келган. Рейс орқали олиб келинган барча фуқаролар автобусларда Тошкент вилоятидаги карантин зоналарига етказилган.
Аввалроқ Самарадан 750 нафардан ортиқ ўзбекистонлик чодирли лагерларга жойлаштирилгани, Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш учун сентябрь ойида қўшимча чартер рейслар амалга оширилиши хабар қилинган эди.