Самарасиз дорилар даволаш протоколларидан чиқарилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон тиббиётида самарадорлиги исботланмаган ва етарли клиник ўрганишлардан ўтмаган дори воситаларини даволаш протоколларидан чиқариш бўйича топшириқ берилди. Бу ҳақида Президент матбуот котиби хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳар йили мамлакатда $600–700 млн миқдоридаги маблағ айнан самараси шубҳали дориларга сарфланмоқда. Уларнинг импортдаги улуши 42% ни ташкил қилади.

Эндиликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқаро тан олинган манбаларга таяниб, далилларга асосланмаган препаратларни протоколлардан босқичма-босқич чиқаришни бошлайди. Ривожланган давлатлар тажрибаси асосида, фақат самарадорлиги ва хавфсизлиги исботланган дорилар қўлланиши белгиланди.

Йиғилишда барча тиббиёт муассасаларида, айниқса болалар шифохоналарида антибиотиклар қўлланишининг асослилиги бўйича кенг кўламли текширув ўтказилиши айтилди.

Ундан ташқари, клиник протоколларга амал қилмаган тиббиёт ходимларига нисбатан интизомий чоралар кўрилиши маълум қилинди.

Бош прокуратурага эса рецептли дориларнинг ноқонуний савдосига қарши қатъий чоралар кўриш ва бундай ҳолатларда жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш топширилди.

Шунингдек, «Электрон рецепт» тизими Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тўлиқ жорий қилинади ва унинг асосида тизимни бутун республикага татбиқ этиш режалаштирилмоқда.

Янгиликлар