Самарқанд ҳокими аҳолининг тез ёрдамга мурожаатлари сезиларли даражада камайганини айтди
Самарқандда аҳолининг тез тиббий ёрдамга мурожаатлари сезиларли даражада камайди. Бу ҳақда вилоят ҳокими иштирокида 4 август куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.
«20—25 июль кунлари 3500 дан ортиқ мурожаат қабул қилинган бўлса, шу кунларда 103 рақамига ўртача 2400—2500 та қўнғироқ қайд этилмоқда», — дейди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов.
Маълум бўлишича, тез ёрдам бригадаларининг моддий-техник ҳолати тубдан яхшиланишига эришилган. Тез ёрдам машиналарининг сони 280 тадан 363 тага етказилган. Вилоятнинг тез ёрдам машиналарига бўлган эҳтиёжи 130 фоизга бажарилган. Бундан ташқари, Жиззахдаги «Volkswagen» қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган 10 та махсус тез ёрдам машинаси харид қилинмоқда.
Ҳокимнинг таъкидлашича, аввалги брифингда айтиб ўтилган Самарқанд шаҳридаги Олимпия захиралари тайёрлаш марказида 1080 ўринли шифохона қурилиши тугаб, муассаса фойдаланиш учун тайёр бўлди. Шифохонада коронавирус инфекцияси билан касалланган ва пневмонияга чалинган беморларни даволаш учун барча шарт-шароит яратилган. Энг зарур дори ва тиббий асбоб-ускуналар — ИВЛ, кардиомонитор, Бобров аппарати, небулайзер билан жиҳозланган.
«1080 ўриннинг барчасига консоль ўрнатилиб, беморларнинг кислород билан даволаниши таъминланди. Шифохонада жами 34 нафар врач, 90 нафар ҳамшира ва 90 нафар кичик тиббиёт ходими хизмат кўрсатади. Бу ерга олиб келинган бемор шу ернинг ўзида рентгентга туширилиб, кардиолог, терапевт ва бошқа тор мутахассис шифокорлар кўригидан ўтказилади», — дейди вилоят ҳокими.
Унинг айтишича, янги ташкил қилинган лабораторияда коронавирус учун тест ҳамда беморнинг ҳолатига қараб, бошқа таҳлиллар олинади. Беморларга кислород узлуксизлигини таъминлаш мақсадида шифохонага замонавий кислород станцияси қўйилади.
Шунингдек, ҳоким бугунги кунда вилоятда уч ойга етадиган дори-дармон воситалари захираси яратилганини эслатиб ўтди. Бундан ташқари, уйда даволаниш учун қолдирилган беморларга 5000 дона дори жамланмаси тайёрланган. Тегишли поликлиника врачларининг тавсияси билан ушбу дори-дармон жамланмалари беморларга берилади.
Аввалроқ Самарқанд ҳокими вилоятдаги шифокорлар 3 ойлаб уйига бормай, коронавирус беморларини даволаётганини айтган эди. Шунингдек, Самарқандда коронавирус беморлари учун 4 миллиард сўмлик дори-дармон захираси яратилгани хабар қилинган эди.