Самарқанд шаҳрида машина юкхонасида 18 мингдан зиёд пиротехника воситасини олиб кетаётган ҳайдовчи ушланди
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан 30 октябрь куни Самарқанд шаҳрида «Gentra» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганда машина юкхонасида 18,6 минг дона пиротехника воситаси борлиги аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, автомашина юкхонасида фуқаро M.O.гa тегишли бўлган қутилар кўздан кечирилганида 18 600 дона пиротехника воситаси борлиги аниқланган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185¹-моддасига мувофиқ пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга олиб кириш (олиб чиқиш) ёки ўтказиш ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Аввалроқ Наманганда 300 миллион сўмлик юк машинасини Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган, Фарғонада эса салкам 38 миллион сўмлик тиббий восита ва техникаларни Ўзбекистонга яширинча олиб кирмоқчи бўлган эркак ушланганди.
Шунингдек, Олтиариқда 60,5 миллион сўмлик тамакини Ўзбекистонга яширинча олиб кирган эркак аниқланганди.