Самарқандда 2020 йил якунигача 5 триллион 340 миллион сўмлик лойиҳалар ишга туширилади
Самарқанд вилоятида 2020 йил якунигача 5 триллион 340 миллион сўмлик лойиҳалар ишга туширилади. Бу ҳақда вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳудудий дастурлар доирасида 2020 йилнинг январь–август ойларида вилоятда қиймати 1 588,3 миллиард сўмлик 441 та лойиҳа амалга оширилган ва 3881 та янги иш ўрни яратилган.
Жумладан, саноатда 817,7 миллиард сўмлик 109 та, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 217,1 миллиард сўмлик 115 та ва қишлоқ хўжалигида 553,5 миллиард сўмлик 217 та лойиҳа ишга туширилган. Мазкур лойиҳалар натижасида йилига 69 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча бюджет тушумлари ва 10 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш имконияти яратилади.
Ҳудудий дастурлар доирасида Пастдарғом туманидаги «Samarqand Kamalak Invest Tekstil» масъулияти чекланган жамиятида йилига 5,5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ташкил этилган. Қиймати 148 миллиард сўмлик мазкур лойиҳа доирасида 320 та иш ўрни яратилган.
Нуробод туманида «Mirankul Construction Materials LTD» масъулияти чекланган жамиятида қиймати 35,6 миллиард сўмлик қурилиш материаллари ва оваль шаклидаги усти ёпиқ омборхоналар ва стадионлар, ишлаб чиқариш цехлари лойиҳаси ишга тушиши билан 30 дан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Ургут туманида «Osiyo shoes» масъулияти чекланган жамиятида 12 миллиард сўмлик маблағ эвазига йиллик қуввати 1,5 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Самарқанд шаҳрида «Sam Fiorenta» масъулияти чекланган жамияти 11,9 миллиард сўм маблағ ҳисобидан газ плиталари ишлаб чиқаришни бошлаган.
Ушбу лойиҳалар натижасида 5 та янги турдаги маҳсулот, жумладан, газ плиталари, МДФ эшиклар ва мебеллар, пойабзал, полиэтилен сув қувурлари, черипица ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган. 2020 йил якунигача 5 триллион 340 миллион сўмлик 1099 та лойиҳа амалга оширилиб, 11 минг 371 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Аввалроқ Япония Ўзбекистондаги АТК лойиҳаларига қарийб 163 миллион доллар кредит ажратиши ҳақида хабар берилган. Бундан ташқари, Сўхда қиймати 639 миллиард сўм бўлган лойиҳа амалга оширилиши, Россиянинг технологик компанияларидан бири Наманганда туризм соҳаси учун сунъий интеллект жорий қилиши хабар қилинган эди.