Самарқандда аёлига памперс едириб, аёвсиз калтаклаган эрга чора кўрилди

Самарқанд вилоятида таҳдид ва зўравонликка учраган хотин-қизларни ҳимоя қилиш, тазйиққа учраган аёлларга ёрдам кўрсатиш бўйича олиб борилган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ташкил этилди, деб хабар беради «Tez News» мухбири.

Фото: «Zar News»

Қайд этилишича, Брифингда вилоят ички ишлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси вакиллари Самарқандда мазкур масалада олиб борилаётган ишлар бўйича ахборот берди. Ички ишлар вазирлиги хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Умида Абдуллаева хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоялаш бўйича республика миқёсида олиб борилаётган ишлар, ҳимоя ордери берилган аёлларга кўрсатилаётган ёрдам ҳамда аёлга нисбатан куч ишлатган шахсларга қўлланилаётган чоралар ҳақида гапирди.

Шунингдек, вилоятдаги тегишли бошқарма вакиллари Самарқандда бу борада олиб борилаётган ишлар, хусусан, Мустаҳкам ва унга кўрсатилаётган ёрдам бўйича маълумот берди.

«Ушбу воқеа ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетгач, вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан вазият назоратга олиниб, дарҳол аёлнинг шахси аниқланиб, топилди, айбдорга тегишли тартибда чора кўрилди. Жабрдийда вилоятда зўравонликдан жабр чеккан хотин-қизлар учун мўлжалланган марказга фарзандлари билан жойлаштирилиб, унга тегишли тартибда ёрдам чоралари кўрилмоқда. Тиббиёт ходимлари, руҳшунос ёрдами кўрсатилди. Ҳозирда аёлнинг соғлиғи, руҳий ҳолати анча барқарор ҳолатга келиб қолган. Яқинда вилоят ҳокими ташаббуси билан Мустаҳкамга уй бериш чораси кўрилмоқда», — дейди вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 22 август куни Мустаҳкам эри уни аёвсиз калтаклаганидан сўнг уйидаги камерадан ушбу ҳолат акс этган ёзувни амаллаб кўчириб олган. 23 август куни видеоёзув ижтимоий тармоқларда тарқагач, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, Мустаҳкамнинг эрига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Аёлнинг ўзига ҳимоя ордери берилган. Кейинчалик Мустаҳкамнинг қайнатаси муайян шахсларга пул бериб, ишни «босди-босди» қилишга урингач, блогер Ақида Ҳанум Мустаҳкамнинг илтимосига кўра у билан интервью уюштириб, Facebook’даги саҳифасига жойлаган. Интервьюда Мустаҳкам эри уни 8 йил давомида муттасил калтаклаб келгани, бир сафар унга мажбуран ишлатилган памперс едирганини айтган.

Аввалроқ ҳокимлик ушбу оилани яраштирмоқчи бўлгани, блогер буни «шарманда» деб атагани ҳабар қилинган эди. Шунингдек, Сенат Мустаҳкамнинг аёвсиз калтакланиши ҳолати назоратга олинганини маълум қилган эди.

Маҳалла вазирлиги муттасил калтакланган самарқандлик аёлнинг оиласини сақлаб қолиш имконсиз эканини айтган.

Янгиликлар