Самарқандда ижарага олган уйида каннабис гиёҳванд ўсимлигини етиштираётган фуқаро аниқланди
Самарқанд вилояти бўйлаб «Қорадори-2020» тезкор-профилактик тадбирининг 2-босқичи давом этмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
2020 йил 14 август куни Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 5-сон ИИБ ходимлари томонидан тезкор-профилактик чора-тадбирлар ўтказилди. Натижада Самарқанд шаҳрининг Беруний кўчасида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 4-қисми билан судланган, 1974 йилда туғилган, С.В. 2020 йилнинг март ойидан буён 1 миллион сўм эвазига ижарага уй олиб, у ерда каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини етиштириб келаётганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қўштепада хонадонида 14 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлаб келаётган фуқаро аниқлангани хабар қилинган эди.