Самарқандда қурилиши битмаган хонадонда 20 та газ баллон портлаб кетди — видео
Самарқанд вилояти Самарқанд туманида 18 январь куни қурилиши битмаган хонадонда 20 та газ баллон портлаб, ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.
Хабарга кўра, ёнғин 18 январь куни соат 20:08 да Самарқанд тумани Ражабамин маҳалласида яшовчи О.Н.га тегишли қурилиши битмаган уйнинг ертўласида содир бўлган. Ертўлада бўлган 20 та маиший газ баллони бирин-кетин портлаган ва бинонинг 50 квадрат/метр майдони ёнган.
Ёнғин содир бўлган жойга вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва туман бўлими ўт ўчирувчилари етиб бориб, тахминан соат 22:16 ларда олов ўчирилган. Ёнғинни бартараф этиш учун 4 та ўт ўчирувчи техника жалб қилинган. Натижада уйнинг 90 квадрат/метр майдони сақлаб қолинган.
Шунингдек, ёнғиндан ҳеч ким жабр кўрмагани айтилган. Ёнғин қай тарзда келиб чиққани ҳам ҳозирча аниқ эмас. Аввал ёнғин келиб чиқиб сўнг газ баллонлари портлаганми ёки газ баллонлари портлаши оқибатида ёнғин келиб чиққанми ҳозирча маълум эмас. Ҳолат юзасидан текширув ва суриштирув ишлари давом этяпти.
Таъкидланишича, хонадон эгаси битмаган бинонинг ертўласига газ тўлдирилган баллонлар қандай келиб қолгани ҳақида тайинли жавоб бера олмаган. Буни аниқлаш мақсадида туман ИИБ томонидан суриштирув олиб бормоқда. Туман фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Тошкентда мебель цехи ёниб кетгани маълум қилинган эди. Шунингдек,Тошкентда йирик кийим-кечак дўкони ҳамда Aндижон шаҳридаги пойабзал сақлаш омборида ёнғин келиб чиққани ҳамда Чиноздаги «Пахта нефтьбазаси»да ёнилғи цистернаси ёниб кетгани маълум қилинган.