Самарқандда соатига 1,2 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатадиган аэровокзал қурилади
Транспорт прокурорининг ўринбосари М.Музаффаров Самарқанд шаҳридаги транспортда хизмати кўрсатиш объектларидаги шароитлар ва амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари ҳолатини ўрганди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Хабарга кўра, дастлаб Транспорт прокуратураси масъул ходимлари Самарқанд халқаро аэропортининг қурилиш майдонида бўлиб, карантин қоидаларига риоя этилиши ва амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари ҳолатини ўрганган. Самарқанд халқаро аэропортида соатига 1200 нафаргача йўловчига хизмат кўрсата оладиган янги аэровокзал мажмуаси қурилаётгани маълум бўлган. Шунингдек, 22 та самолёт учун янги тўхташ, учиш-қўниш йўлаги барпо этилмоқда. Унинг афзаллиги аэропорт барча турдаги самолётларни ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиш имконига эга бўлади.
Бундан ташқари, Транспорт прокуратура ходимлари ташриф давомида ишчи-ходимлар учун яратилган ишлаш ва яшаш шароитларини тўлиқ ўрганди. Жумладан, қурилиш жараёнига жалб этилган ишчи-ходимларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитлари яратилгани ҳамда ўз вақтида иш ҳақлари тўлаб берилаётгани борасида ахборот тингланди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ Самарқанд темир йўл вокзалида йўловчиларга яратилган шароитлар билан ҳам танишди.
Аввалроқ Ўзбекистонда 20 сентябрдан барча халқаро қатновлар тикланиши, Самарқанд халқаро аэропортига энг яхши ном беришга доир танлов эълон қилингани хабар берилган эди.