Самарқандда 6 ойда иқтисодий судлар тадбиркорлар фойдасига 105 млрд сўмдан ортиқ маблағни ундириш бўйича ҳужжатлар қабул қилган

Самарқанд вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган брифингда вилоят иқтисодий суди раиси вазифасини бажарувчи О.Асатов олти ой давомида иқтисодий судлар томонидан 3573 та иш мазмунан кўрилиб, ҳал этилганини маълум қилди.

Хабар берилишича, мазкур ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 105 миллиард 905 миллион сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган.

Биринчи инстанцияда вилоят ва туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари томонидан хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, кичик бизнес субъектлари даъвогарлигида 706 та иш кўриб чиқилган. Шундан 635 та даъво қаноатлантирилган ва кичик бизнес субъектлари фойдасига 38 миллиард 505 миллион сўм ундирилган.

2020 йилнинг 6 ойи мобайнида кўрилган ишлар таҳлил қилинганда энг кўп контрактация шартномаси (954 та), маҳсулот етказиб бериш шартномаси (622 та), солиқ қарзи бўйича ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш (564 та), банкрот деб эътироф этиш (256 та), ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш (197 та), кредит шартномаси (92 та), ерга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар (90 та) кўрилган.

Ҳисобот даврида ишда иштирок этувчи шахсларнинг 337 нафар вакили ўзлари жойлашган ҳудудлардан чиқмаган ҳолда, видеоконференцалоқа режимида ўзга ҳудудда ўтказилган суд процессларида қатнашиб, уларнинг, тахминан, 50 миллион сўм маблағлари тежаб қолинган.

Иқтисодий суд судьялари томонидан кўрилган ҳар иккита ишдан биттаси, яъни 1799 та иқтисодий иш сайёр суд мажлисларида кўрилган. Барча кўрилган ишларда республика бюджети ҳамда суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 4 миллиард 50 милион сўм давлат божи ундирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввароқ Андижонда 325 миллион, Тошкентда 43 миллион ва Хивада 275 миллион сўм маблағлар тадбиркорлар фойдасига ундириб берилган эди.

Янгиликлар