Самарқандда ўқишни кўчириб бериш эвазига 800 доллар пора олган проректор ёрдамчиси қўлга тушди

Самарқанд давлат университети проректори ёрдамчиси талабанинг ўқишини кўчириш эвазига пора олаётганда қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га хабар берди.

Ушбу ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ИИБнинг Самарқанд шаҳар бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Маълум бўлишича, Самарқанд Давлат университети проректори ёрдамчиси У.Э. университет талабаси С.нинг ўқишини Урганч Давлат университетига кўчириб беришни ваъда қилган. У буни Олий таълим вазирлигида юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали амалга оширишини айтиб, эвазига 800 доллар олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан проректор ёрдамчиси У.Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Маълумот учун, ушбу моддаларда кўрсатилган жиноятни содир этган киши 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Аввалроқ Қўқон давлат педагогика институти ёшлар етакчиси ва факультет декани пора олаётган вақтда ушлангани, Бешариқда 5 минг долларга ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгар қўлга олингани хабар қилинган эди.

Янгиликлар