Самарқандда ярим марафон хайрия мусобақаси ўтказилади
Самарқандда «Samarkand Half Marathon» хайрия мусобақаси 1 ноябрдан бошланади. Бу ҳақда Маданият вазирлиги ҳузаридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
«Samarkand Half Marathon» хайрия мусобақаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ҳар йили Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Самарқанд вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилади. Мазкур мусобақа маданият ва санъат объектларидаги мавжуд инклюзив муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, мамлакатда соғлом турмуш тарзи ва спорт туризмини ривожлантириш масалаларини ҳал қилишга ёрдам беради.
Хабарга кўра, 11 сентябрь куни www.samarkandhalfmarathon.uz сайтида ярим марафон иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш бошланди. Бу йил ташкилотчилар асосий эътиборини аутизм спектрининг бузилиши (AСД) билан касалланган инсонларнинг имкониятлари ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданият ва санъат обектларига кириш муаммосига қаратишмоқда.
Тадбир доирасида аутизмга чалинган инсонлар учун инклюзив муҳитни яратиш ва уларни мамлакатдаги ижтимоий-маданий ва жамоат ҳаётига қўшилиш имкониятлари муҳокама қилинади. «Samarkand Half Marathon» ярим марафонидан тушган маблағлар аутизмга чалинган болалар учун Ўзбекистондаги мактаб-интернатларнинг бирида болалар ижодиёти студиясини ташкил қилишга сарфланиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда марафон дастурининг спорт қисми икки хил шаклда, Самарқанддаги классик усулдаги югуриш мусобақаси ва Ўзбекистонга келиб иштирок эта олмайдиган спортчилар учун офлайн виртуал мусобақа ташкил этилиши кўзда тутилган. Ярим марафоннинг ушбу офлайн шакли ҳар бир иштирокчисига югуриш учун жой танлаш эркинлигини беради, шунингдек, мусобақа натижалари тўғрисидаги барча маълумотлар «Страва» иловаси ёрдамида қайд этиб борилади.
Маълум қилинишича, хайрия мусобақаси 1 ноябрдан бошланади. Бундан ташқари, дастурга Скандинавча юриш мусобақаси ҳамда 12 ёшгача бўлган болалар учун эса, алоҳида болалар пойгаси жадвали ишлаб чиқилган. Шунингдек, Самарқанд ярим марафони лойиҳаси доирасидаги ўқув ва маданий дастурлар рақамли форматда ўтказилади.
Таъкидланишича, «National Autistic Society» (Буюк Британия) вакиллари аутизм касаллигига чалинган болаларнинг ота-оналари учун онлайн веб-семинарлар ўтказилади ва Британия музейи мутахассислари ташаббуси билан ташкил этилган «Early Morning Explorers» лойиҳаси ҳақида батафсил ахборот берилади. «Дўстона муҳит» (Россия) лойиҳаси кўмагида бир қатор онлайн мунозаралар, веб-семинарлар ва маҳорат дарслари ташкил этилади. Ундан ташқари, «The Beat Film Festival» кинофестивали билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган фильмлар дастури веб-сайтда намойиш этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода ўтказилган пиёда юриш марафонида 100 дан ортиқ киши қатнашгани, Ўзбекистонда 4600 километрлик Тошкент—Термиз—Орол автомарафони ўтказилиши хабар қилинган эди.