Самарқандда жамоат транспортлари ҳаракати қайта тикланди
Самарқанд вилоятида 17 август соат 06:00 дан бошлаб жамоат транспорти ҳаракати қайта тикланди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Республика махсус комиссияси талабларининг ижроси юзасидан Самарқанд вилояти транспорти бошқармаси ходимлари автокорхоналардаги йўналишга чиқувчи ҳар бир автобусни кўздан кечирган. Текширув давомида, асосан, қуйидагиларга:
- ҳайдовчининг тиббий кўрикдан ўтказилиши;
- 37 ва ундан юқори бўлган ҳароратда ҳайдовчига ишга чиқиш учун рухсат бермаслик;
- ҳайдовчиларни тиббий қўлқоп ва ниқоб билан таъминланганлик даражаси;
- қайтим учун бериладиган пулларнинг етарли даражада эканлиги;
- «Tezcard» электрон тўлов тизими учун валидаторларнинг борлиги;
- белгиланган қатъий талаблар асосида дезинфекция ишларининг олиб борилиши;
- автобусларнинг ички ва ташқи жиҳатдан озодалиги;
- техник талабларга жавоб бера олиши каби масалаларга эътибор қаратилган.
Хабарда айтилишича, бошқарма инспекторлари томонидан кун давомида автобус салонида йўловчиларнинг сони 25 тадан ошмаслиги, ҳар бир сўнгги бекатда дезинфекция ишларининг амалга оширилиши назорат қилиб борилади.
Аввалроқ Самарқандда 17 августдан бошлаб 500 та автобус ҳаракати қайта тикланиши ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, вилоятда 500 та автобус ҳаракати қайта тикланади. Жумладан, Самарқанд шаҳрида 47 та йўналишда 250 та Самарқанд шаҳри ва туман марказларини боғловчи ҳамда туманлар ички йўналишларида яна 250 та автобус аҳолига хизмат кўрсатишни бошлайди.