Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президентини Тоғли Қорабоғда уруш тугагани билан табриклади

Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президнет матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президнет матбуот хизмати

Маълум қилинишича, давлат раҳбари Озарбайжон Президентини Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар якунлангани билан табриклаб, биродар мамлакатнинг дўст халқига тинчлик ва равнақ тилаган. Томонлар Жанубий Кавказнинг бутун ҳудудида хавфсизлик ва барқарорлик таъминланишига умид билдирган.

Суҳбатда Ўзбекистон—Озарбайжон муносабатларининг бугунги ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган. Шунингдек, пандемия билан боғлиқ мушкул даврда мамлакатлар бир-бирини қўллаб-қувватлагани, бу эса икки давлат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва стратегик ҳамкорликнинг навбатдаги намоёни бўлгани катта мамнуният билан қайд этилган.

Давлат раҳбарлари ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат ва қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва логистика, туризм ва бошқа соҳаларда етакчи корхоналарнинг кооперациясини кенгайтиришга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларни фаол илгари суриш муҳимлигига алоҳида тўхталган. Томонлар ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувларни жадал давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқлаган.

Суҳбат якунида Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари глобал ва минтақавий тузилмалар доирасидаги яқин мулоқотни қўллаб-қувватлашга келишиб олган. Шунингдек, бўлажак олий даражадаги икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини кўриб чиққан.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев коронавирус вакцинасини Ўзбекистонга олиб келган Россия саноат ва савдо вазирини қабул қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар