Шофирконда устахонадан 5 млн сўмлик «карчер» ўғирлаган йигит қўлга олинди
Бухоро вилояти Шофиркон туманида устахонадан 5 миллион сўмлик «карчер»ни ўғирлаган йигит қўлга олиниб, гумонланувчи сифатида тергов қилинмоқда. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, 24 сентябрь куни Шофиркон тумани Ички ишлар бўлимига туманнинг «Калон» МФЙ Кўҳна Калон қишлоғида яшовчи, 1989 йилда туғилган Ж.A. ариза билан мурожаат қилиб, бу ҳақда маълум қилган. Унинг мурожаатига асосан 15 cентябрь кунига ўтар кечаси номаълум шахс шу манзилда жойлашган унинг автомашиналарга техник хизмат кўрсатиш устахонасидан баҳоси 5 миллион сўмлик «карчер» аппаратини ўғирлаб кетганлигини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас терговга қадар тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.
Маълум қилинишича, Шофиркон тумани Ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни тумандаги «Калон» МФЙда яшовчи, 1997 йилда туғилган A.A. содир қилганлиги аниқланган. Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича гумон қилинувчи A.A.гa нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Улуғнорда хонадондан қарийб 13,5 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни ўғирлаганлар қўлга олингани, Қўштепада ўзи ишлаган уйдан салкам 4 миллион сўмлик қурилиш анжомларини ўғирлаб кетган уста ушлангани хабар қилинган эди.