Танзила Норбоева: «Сардобага ёрдам» акцияси халқимизни янада бирлаштирди
Сирдарё вилоятида 5 сентябрь, шанба куни Олий Мажлиси Сенати кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Мажлисда Сенат раиси Танзила Норбоева «Сардобага ёрдам» акцияси халқни яна ҳам жипслаштирганини, ҳеч кимдан топшириқ бўлмаса ҳам вилоятлар, ҳудудлар қанчадан-қанча ёрдамларини Сирдарё вилоятига ўзлари келтирганини таъкидлади.
«Бу ҳам бўлса, халқимизга хос бўлган бағринкенглик, сўзлар билан ифодалаб бўлмайдиган характеримиз. Мана шу ҳудудда бугунги кунда жуда ҳам катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигини ҳам биз ҳаммамиз кузатиб турибмиз. Бунинг учун давлатимиздаги бор ресурслар ҳаммаси сафарбар қилинган. Куни кеча бош вазир ҳам келиб кетганлар. Бир қатор вазирларимизни олиб келиб, бу ерда бўлаётган ишларни кўриб, яна ўз топшириқларини бериб кетибдилар. Aйтмоқчимизки, бу ишлар охиригача етмагунча Сирдарёда ҳаммаси ўз изига тушиб олмагунча барча ишлар амалга оширилади. Бу ишларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг шахсий назоратида турибди», — дейди Танзила Норбоева.
Аввалроқ Сирдарёда Сенат кенгашининг биринчи сайёр мажлиси бўлиб ўтгани хабар қилинган эди.